Холдербай Усманович : другие произведения.

Холдор Вулқоннинг "Қорбурон" номли шеърий китоби.Кирилл имлосида

Самиздат: [Регистрация] [Найти] [Рейтинги] [Обсуждения] [Новинки] [Обзоры] [Помощь|Техвопросы]
Ссылки:


 Ваша оценка:

  
  
   Холдор Вулқон
  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
  
  
  
  Қорбўрон
  (Шеърлар ва таржималар)
  
  
  
  
  Холдор Вулқон 1959 йили Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида туғилган. Тошкент Миллий Университетини тамомлаган. У 1975 йилдан буён бадиий ижод билан шуғилланади. Шу кунгача у рус ва ўзбек тилларида тўртта шеърий тўплам, қатор ҳикоялар, бешта повесть ва иккита роман ёзган. Бундан ташқари, Холдор Вулқон кўплаб япон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Тақдир тақозоси билан Канадада яшайди. Мукофот ва унвонлари йўқ.
  
  
  Китоб онам Муҳтарамхон Жалолиддин қизининг порлоқ ҳотирасига бағишланади. Х.В.
  
  
  
  
  
  
  Тонги сукунат
  
  
  Топталган баҳайбат само гулҳани,
  Милтиллайди юлдуз чўғлари ҳамон.
  Ўз нурига ўзи хорғин чулғаниб,
  Ой сузар оҳиста мағрибга томон.
  
  Ғира шира зулмат, тонг саҳар пайти,
  Осуда жимликка тутаман қулоқ.
  Буғдойзор томонда қайта ва қайта,
  Бедана хотинин қўяр қумталоқ.
  
  
  15/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Шамол хуштак чалар этикдўз каби
  
  
  Қушлар жануб тамон учмай нетади,
  Телба куз хайдаса, ўзинг ўйлагин.
  Хазонларга тўлди боғлар этаги,
  Чўкиртак йиртади шамол кўйлагин.
  
  Фаррош хазонларни ёқади, тўплаб,
  Соврилиб елларга орзу, армони.
  Учар сув ўрнига ҳавони хўплаб,
  Осмон саҳросида қушлар карвони.
  
  Фақат Ҳаққа аён мақсад, матлаби,
  Улар учар иссиқ ўлкалар томон.
  Ўйчан ҳуштак чалар этикдўз каби,
  Далаларда дайдиб зериккан шамол.
  
  
  03/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Маъюс чироқларнинг олмос чамани
  
  
  Хилватда эриниб хуради итлар,
  Чор тараф оқарар ойдинда сутдек.
  Қадам товушимдан юлдузлар, титраб,
  Соҳил сувларига тўкилди тутдек.
  
  Куйганёр томонда чинқириб, чорлар,
  Темир йўлнинг учқур пўлат самани.
  Зулматли дала -дашт ортида порлар,
  Маъюс чироқларнинг олмос чамани.
  
  
  17/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Китобсевар
  
  
  Шовуллайди шамол шаштида ўрмон,
  Ёлғиз учиб юрар дайди капалак.
  Осмон булутлардан кўтарар хирмон,
  Узоқда қораяр кулба, капалар.
  
  Боғларда бир ўзи беғам, безарар,
  Шамол кезиб юрар, кўзлари сўқир.
  Новдасига қўнган капалакни дарахт,
  Оппоқ китоб каби авайлаб ўқир.
  
  
  08/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қиш кечаси
  
  
  Оқарар қор босган далалар рохи,
  Зулматда каптардай ғувиллайди сим.
  Гоҳ олдга интилиб, гоҳида тўхтаб,
  Қорларга беланиб борар аллаким.
  
  Термулар одамдай хорғин дарчалар,
  Оқарган кимсасиз йўлга интизор.
  Шаҳар ухлаб ётар, қаттиқ чарчаган,
  Фонус эса лоқайд майдалайди қор.
  
  
  18/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ёз оқшоми
  
  
  Тун. Осуда жимлик, ҳаво мусаффо,
  Ой ҳамон ёритар Худонинг мулкин.
  Кеча шу қадар жим, сокинки, ҳатто,
  Бақалар овозин эшитиш мумкин.
  
  Мопед тириллатиб, ой мудраган пайт,
  Кимдир хориб, чарчаб, уйига қайтар.
  Бу ҳақда кимсасиз, сокин сукунат,
  Қулоғимга секин, шивирлаб айтар.
  
  
  01/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ният
  
  
  Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
  Одам бўлиб, элнинг корига яраб,
  Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
  Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.
  
  Юлдуз инсон кўзи илғамас жойга,
  Найзадай саросар учса овозсиз.
  Соатлаб термулсанг порлаган ойга,
  Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.
  
  Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
  Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
  Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
  Ўз она юртингда, тонги далада.
  
  
  7-август, 2010 йил.Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
  Кўклам чақинлари
  (Истеъдодли шоир Жонтемирга)
  
  
  Боғларга очилган дарчалар роми,
  Сукунатга чўмган ўтлоғу дала.
  Шивирлар баҳорнинг ёмғирли шоми,
  Оҳиста, ҳеч кимга бермасдан ҳалал.
  
  Ёмғирли зулматда узоқ яқинлар,
  Хаёлга ботгандай чароғон кунсиз,
  Чақнайди олисда ғамгин чақинлар,
  Осмон билан ерни пайвандлаб унсиз.
  
  
  16/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ипи қўлдан чиққан пуфак каби ой
  
  
  Поёнсиз самолар саҳросида қуёш,
  Думалар ёнаётган шувоқ сингари.
  Далаларга қўнар шом ҳасрати ювош,
  Чўкар дарёларга ойнинг лангари.
  
  Чирилдоқ гоҳ жўшиб, гоҳида тўхтаб,
  Чириллар, тополмай беркингани жой.
  Ипи қўлдан чиққан пуфакка ўхшаб,
  Осмону фалакка кўтарилар ой.
  
  
  25/01/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Тунги лайлакқор
  
  
  У стол устида ётган қоғоз марказига
  қалам билан нуқта қўяркан, деди:
  -Бечора, қанчалар ёлғиз у
  қоғознинг қор босган далаларида!..
  Сўнгра шоша пиша ўчиргич билан
  ўчираркан нуқтани, ўзига ўзи:
  -Энди қорбўронда кўринмай кетди -
  деди, қайғу билан чуқур хўрсиниб.
  Сўнг дарча ортида бўралаб ёғаётган
  тунги лайлакқорга термулди узоқ.
  
  
  05/02/2020.
  Кеч соат 5:55.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Эл -улусни уйқу элитган маҳал
  
  
  Узоқларда фарёд кўтарар пойиз,
  Ухлар чироқларга таланган шаҳар.
  Ой кезар далалар устида маъюс,
  Эл -улусни уйқу элитган маҳал.
  
  Кимсасиз, қоронғу зулмат қаърида,
  Акиллайди дайдиб, чарчаган итлар.
  Юлдузлар коинот киприкларида,
  Омонат кўз ёши сингари титрар.
  
  
  04/03/2020.
  Кундуз соат 4:51.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Тўзғоқ
  
  
  Кўча фонусини аёвсиз талар,
  Оппоқ қорчивинлар мўри малахдек.
  Бўронда маст -аласт гармонми чалар,
  Қалин қор қоплаган боғда дарахтлар?
  
  Далалар супраси оқариб ётар,
  Халойиқ чарчаган, ётибди ухлаб.
  Шамол эса, лоқайд, беғам, бехатар,
  Томдаги қорларни тўзғитар пуфлаб.
  
  Дарахтлар бир бирин юрар ахтариб,
  Қўзғолгандай гўё борлиқда махшар.
  Хаёли паришон кўча фонуслари,
  Маҳзун тўзғиётган тўзғоққа ўхшар.
  
  
  04/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Каккуқуш ини
  
  
  Бир одам қўлида узун таёқ билан,
  Каккуқуш инига термулганича узоқ
  кутиб турди унинг индан чиқишин.
  Ва ниҳоят кулранг каккуқуш индан
  бошин чиқарганча: - какку! какку! -дея
  ўзини унитиб сайрай бошлади.
  Кутиб турган одам қулочкашлаб туриб,
  қўлидаги таёқ билан бир туртган эди,
  каккуқуш гиламга топ этиб тушди.
  
  
  22/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Шом ҳасрати
  
  
  Олис океанлар ортида қолган,
  Уй эшиги балки, турар очилиб.
  Ғамгин ой шуъласи тўшалган полда,
  Китобларим ётар сочилиб.
  
  Юлғун ўсган баланд жарлар узра жим,
  Сас - садосиз аста кўтарилса ой,
  Ёришиб кетади менинг лабларим,
  Лаълин лабларинга мухр босган жой.
  
  Пастак кулбаларда чироқ ёқарлар,
  Кимсасиз далалар сукутга чўмар.
  Юм - юм йиғлаб, охир искабтопарлар,
  Шом ҳасратин ойдин соҳилга кўмар.
  
  Порласа ой само кенгликларида,
  Висол онларини эсласанг гоҳи,
  Тунни зириллатиб, зулмат қаърида,
  Узоқ чириллайди севги арвохи.
  
  
  09/04/2011 Канада.Торонто шаҳри.
  
  
  
  
  
  Юлдузли осмон
  
  
  Гулхан ловуллайди, зулматли дала,
  Учқунлар чирсиллаб учар ҳавога.
  Ёнарқурт сингари товланганча алар,
  Осмону фалакка бўлар равона.
  
  Ёнар ғўзапоя, шабба, хору хас,
  Ёлғизлик, сукунат, ойдин ҳаловат.
  Назаримда, гўё юлдузларга эмас,
  Гулхан учқунига тўлди самолар.
  
  
  01/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  Август
  
  
  Одимлаб борарди йўлда аллаким,
  Гоҳо кулар эди, йиғларди гоҳи.
  Сояси эргашиб борар эди жим,
  Олис увотларда попишак оҳи.
  
  Бугун байрам, яъни, туғилган куни,
  Майхўрлар феълини бўлмас тузатиб.
  Дайди капалаклар галаси уни,
  Уйига етгунча қўйди кузатиб.
  
  
  18/06/2022. Кундуз соат 3:47. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қорбўрон
  
  
  Уловлар ҳам чарчади, тинди,
  Оппоқ қорга беланди шаҳар.
  Кўмиб ташлар борлиқни энди,
  Қор тинмаса то тонга қадар.
  
  Чўзилганча ўрнимга шу дам,
  Қордек оппоқ ўйларга ботдим.
  Ё уй ёруғ қор шуъласидан,
  Ё чироқни ўчирмай ётдим.
  
  
  24 октябр, 2014. Канада. Бремтон шаҳри.
  
  
  
  
  
  Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги
  
  
  Ёмғирдан кейинги мусаффо ҳаво,
  Дов - дарахт ўй сурар, кўлмакка боқиб.
  Дарчалардан йўлга термулар авом,
  Хаёл деган чексиз дарёда оқиб.
  
  Булутлар подаси само даштида,
  Бўсадай чўлпиллар ариқнинг лаби.
  Мажнунтол чайқалар шамол шаштида,
  Унсиз йиғлаётган паризод каби.
  
  Кўлмаклар кўзгуси ётар бир ёнда,
  Мармардай ялтирар боғлар йўлаги.
  Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
  Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.
  
  
  9 июл, 2011 йил. Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
  Баҳор оқшоми
  (Халқимизнинг энг севимли шоираларидан бири Зебо Мирзаевага)
  
  
  Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
  Сўнади уфқларда оташи сўзон.
  Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
  Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.
  
  Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
  Ойдинда ёришар овоз етмас жой.
  Ярақлаган чинни идишдай гўё,
  Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.
  
  
  13 май, 2014 йил. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  Гоҳо тушларинга кираманми, айт?
  
  
  Ловуллаб ёнаркан кузги гулханда,
  Гув урар хаёли паришон боғлар.
  Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
  Қағиллар сукунат қўйнида зоғлар.
  
  Изғиринда ярим ялонғоч, юпун,
  Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
  Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
  Боғлар ечинганда аёлга ўхшаб,
  
  Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
  Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
  Адашган йўловчи сингари дайдиб,
  Гоҳо тушларинга кираманми, айт?
  
  
  13 август, 2011 йил. Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
  
  Ёз кечаси
  
  
  Ўт -ўлан кокилин авайлаб тарар,
  Дайди шаббоданинг кемшик тароғи.
  Буғдойзор устида беғам, безарар,
  Ярақлайди ойнинг ўткир ўроғи.
  
  Ит хурар, сукунат берар акс -садо,
  Қўл етмас юлдузлар сен каби йироқ.
  Тебратар ховлида гулларни сабо,
  Хомуш порлар дарё ортида чироқ.
  
  Ой ҳомуш борлиқни нурга белайди,
  Чирилдоқ чириллаб, охир чарчаган.
  Илоҳий шивирдай кириб келади,
  Бақалар овози очиқ дарчадан.
  
  
  24/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ой узоқ тинглайди бақалар нутқин
  
  
  Вақт оқсоқланар, оёқсиз юрар,
  Осмон юлдузларга ётар таланиб.
  Ойдинда хориган кўппакми хурар,
  Уйғотиб уйқуга кетган далани.
  
  Шамол ҳам ховлида дайдимай қўйган,
  Ётибди қайдадир, мисоли тутқун.
  Соҳил сувларига термулиб, ўйчан,
  Ой узоқ тинглайди бақалар нутқин.
  
  
  03/07/2022. Эрта билан соат 8:39. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Қорли кеча ва ёруғ нийят
  
  
  Оппоқ қорзарралар учқуни сокин,
  Қўнса кипригинга, сочинга юзлаб.
  Десанг - наҳот, совуқ булутлар ҳоким,
  Осмондан юлдузлар тушмоқда музлаб?
  
  Дала қор остида мудраган чоғлар,
  Дайдисак эл - улус ётганда ухлаб.
  Қалин қорпўстинга ўранса боғлар,
  Тугамаса тунга берилган мухлат.
  
  Соямиз туташса, учқунлар тинмай,
  Тўзғиса, чирпираб тушса эланиб.
  Узоқ суҳбатлашсак, кетгимиз келмай,
  Фонус ёруғида қорга беланиб.
  
  
  20 октябр, 2014 йил. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  
  Зулматларда учқунлайди қор
  
  
  Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
  Қўлидаги ўқилмаган хат.
  Кимсасизлик, сукунат балки,
  Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.
  Мен бўлсам,
  Кузги далаларда, тунги зулматда
  Ёлғиз увлаётган қора шамолман.
  Сен пастак дераза ёнида,
  Қировли гулзорда булбулни кутиб,
  Музлаб қолган атиргулмисан?
  Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
  Ёруғ ойналарга талпинаётган
  Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..
  Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
  Сочлари қувв оқарди қишнинг?
  
  
  20 август, 2012 йил. Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
  
  Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши
  
  
  Ёмғирда олмосдай ялтирайди тош,
  Табиат хаёлчан боқади ромдан.
  Гўё ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
  Кўзларингдан дувиллаб томган.
  
  Ўтасан, хаёлчан, соябон қўлда,
  Дейман -ўнгимми бу, ва ёки рўё?
  Дов -дарахт сояси кўлмакли йўлда,
  Чўкиб ётар шаффоф кўзгуга гўё.
  
  Фироқ тиғи жисму жоним қиймалар,
  Мум каби эрийди изларингда қум.
  Термулиб сен кетган йўлга ойналар,
  Ёлғиз одам каби йиғлайди юм - юм.
  
  
  31 июл, 2011 йил. Торонто шаҳри, Канада.
  
  
  
  
  
  
  Тунги қўнғироқ
  
  
  Йўловчи туртиниб борар кўчада,
  Қорзарралар аро, кўзлаб уйини.
  Қайсидир дарчада чироқ ўчади,
  Чирпирайди телба қорлар қуюни.
  
  Қор ҳамон қиялаб ёғади тинмай,
  Халойиқ донг қотиб ухлаган пайти.
  Зулматлардан менга сўнги трамвай,
  Қўнғироқ қилади қайта ва қайта.
  
  
  24/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ҳижрон
  
  
  Изғирин дарчалар ойнасин ялар,
  Қор босган йўлларнинг йўқдай поёни.
  Қорчивинлар кўча чироғин талар,
  Тегмаса ҳам унинг элга зиёни.
  
  Даричанг ортида ёғар лайлакқор,
  Хуштак чалар аёз, қўлида чалғи.
  Ёстиғинг яккамас, бола чақанг бор,
  Лек ҳамон дунёда яшайсан ёлғиз.
  
  Тортганича ою йиллар танобин,
  Ўтаркан шунча ёз, баҳору қишлар,
  Сен ҳамон ичасан кўз ёш шаробин,
  Тунлар газакига ёстиғинг тишлаб.
  
  
  13/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Кеч куз
  
  
  Нечун қовоғингни уясан, ҳаво?
  Нега аччиқ аччиқ йиғлаб, ёмғирлар
  кўчада аёвсиз савалар мени?
  Кўлмак ҳам атайлаб акc этдирар
  оёғимни осмондан қилиб.
  Мен сизларга нима ёмонлик қилдим?
  Боғдаги инларини хувиллатиб,
  учиб кетган бўлса жанубга қушлар,
  айб мендами?..
  
  
  02/08/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Қатъий қарор
  
  
  Етар дайдиганим, қайтаман уйга,
  Кечиргандир мени ҳоким ҳукумат.
  Соғинтирди шамол капалак қувган,
  Қадрдон далалар, сокин сукунат.
  
  Борлиқни уйғотар тонги шабада,
  Жўнайман ўрилган буғдойзор томон.
  Тўрғайлар қўшиғин тинглаб далада,
  Хашак жамғараман, тўплайман сомон.
  
  Қайлардадир эшак ханграйди узоқ,
  Майналар қўнади сигир шохига.
  Тўхтаб кенг далада, тутаман қулоқ,
  Узоқдан ҳасратли какку оҳига.
  
  Қадрдон сўқмоқни излаб топаман,
  Менга бош ирғайди ўтлоқда бия.
  Ҳайратдан очилган оғзим ёпаман,
  Ари-пари кириб кетмасин дея.
  
  Ёлғиз, "Чўчқахона"* томонда юрсам,
  Дил қушим қутилган каби тузоқдан.
  "Зилолмос"* тарафда хайқириб, хурсанд,
  Поезд гудок берар менга узоқдан.
  
  
  19/02/2020. Канада.
  
  
  "Чўчқахона"* - биз ёшликда футбол ўйнаб катта бўлган қадимий чўчқахона харобалари.
  
  "Зилолмос"* - юк ташувчи поездлар ўтадиган Куйганёрдаги яшил рангли металл кўприк.Зеленый мост.
  
  
  
  
  
  Пичан ўраётган одам
  
  
  Тўрғайлар чийиллаб чалади хуштак,
  Қирда ўт ўраман, қўлимда чалғи.
  Кайфиятим аъло, енгилман қушдек,
  Дайди шамол санғиб юрибди ёлғиз.
  
  Узоқда қораяр кулба, капалар,
  Гуллабди ўт -ўлан ичида тикан.
  Учиб юрган оппоқ ғамгин капалак,
  Марҳума онамнинг арвоҳимикан?
  
  
  12/07/2022.
  Кундуз соат 2:47.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Йилдирим
  (Ҳамқишлоғим, марҳум шоир Олимжон Матмуродов ҳотирасига)
  
  
  Чақинлар олисда чақмоқтош ёқар,
  Дов дарахт лашкари тушган асирга.
  Қўшоғиз милтиқдан гўё ўқ отар,
  Осмонни ларзага солиб, қасирға.
  
  Сел шаррос қуяди, шиддати жиддий,
  Ўт ўлан қўрқувдан қалтираб, қақшар.
  Зулматда ялт этган йилдирим, худди,
  Инсоннинг лаҳзали умрига ўхшар.
  
  
  16/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Айрилиқ
  
  
  Ёқмасам, ка - а -а - атта кўча - дединг,
  кўчага чиқдим.
  Кўча жим - жит эди, кимсасиз, ойдин.
  Мен авваллари билмас эканман,
  кўчанинг бунчалар
  катта бўлишин.
  
  
  2002 йил , 2 октябр . Ярим тун .
  Андижон шаҳри 4 - кичик даха.
  
  
  
  
  
  Ойдин кеча
  
  
  Ойдин сукунатда қумлоқни ювган,
  Соҳил сувларини келади кечгинг.
  Хаёл сурсанг ёлғиз, термулиб сувга,
  Сенга ҳалал бермайди ҳеч ким.
  
  Оппоқ сукунатга ўраниб ухлар,
  Ўлгудай чарчаган дала, қир -қия.
  Ўпишгани қўрқар севишган жуфтлар,
  Биронтаси кўриб қолмасин дея.
  
  
  12/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ўрик гуллаган кеча
  
  
  Оқарар лойпахса деворлар оша,
  Ойдинда гуллаган ўриклар шохи.
  Осмонга юлдузлар сепкили тошар,
  Зулматлар қаърида чирилдоқ оҳи.
  
  Ойнинг шуъласидан қамашади кўз,
  Олисда қорайиб ётар қир -адир.
  Тўлин ой тўшайди йўлакларга бўз,
  Юлдузлар босирқаб, учар қайгадир.
  
  
  13/03/2020.Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Йўл
  
  
  Ҳотирамда ҳануз покиза, равон,
  Ёмғирли ўша йўл, иккимиз юрган.
  Сеҳрли лаҳзалар ёдимда ҳамон,
  Одимладик шундоқ ёнма ён, бирга.
  
  -Иккимиз юрганда негадир, шу йўл,
  Тез тугаб қолади - дединг сен, аста.
  Ҳайрлашдик, қўлга туташмади қўл,
  Чиндан кўча тугаб қолди бирпасда.
  
  Чироқлар чамани ичра то саҳар,
  Кезаман, ўтаркан лаҳзалар ўқдек.
  Одимлайман яёв, далли, дарбадар,
  Сенсиз энди йўлнинг поёни йўқдек.
  
  
  
  18/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Зулмат
  
  
  Ғамгин милтиллайди узоқларда чўғ,
  назаримда, тутунни тутунга улаб,
  тамаки чекмоқда кашанда зулмат.
  Ичи мўрининг сингари қорайиб,
  ўпкаси ҳам чириб, тамом бўлгандир...
  Нега чекяпти экан? Балки, хотини:
  -Сен ҳам одамлардай, чет элга бориб,
  ишлаб, пул топиб келсанг, ўласанми? -дея,
  жанжал кўтардимикин ярим кечаси?
  Ўзи хотинининг жағи ёмонда.
  Ишқилиб, охири баҳайр бўлсин.
  Худо кўрсатмасин, хотини шундай
  жанжал қилаверса, чидолмай зулмат,
  узун арқон билан, аччиқ устида
  оғилхонанинг йўғон пешхорисига,
  осиб нетиб қўйса ўзини шартта
  кўринг томошани.
  "Дылл! Дылл!Дылл!Дылл!" " деб юргувчи
  "Урал" русумли кажавали мотоциклини
  капа капа қилиб хайдаб, шогирди билан
  участкавой лейтенант Шгабуддинов
  етиб келса керак, узоқ кутдирмай?..
  Яхшиси, бу ердан суришим керак..
  
  .
  02/07/2022.
  Тунги соат 10:36.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Тунги қорбўрон
  
  
  Бўрон увиллайди қорли далада,
  Бўғзигача қорга ботган ўт -ўлан.
  Аранг жон сақлайди қушлар панада,
  Ҳеч ким қор шопирмас шамолдан бўлак.
  
  Далалар супрадек оқариб ётар,
  Фонус жим мунғайиб, қиймалайди қор.
   Қор босган йўлакка то тонга қадар,
  Шуъла ёғилади даричангдан ёр.
  
  Қорбўрон фарёдин тинглайман, ётиб,
  Ҳар ҳолда, сандал бор, совқатса қўлим.
  Илоҳо, зулматда, қорларга ботиб,
  Излаб тополмасин кулбамни ўлим.
  
  
  01/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ғўдайган дарахтлар ютганми хода?
  
  
  Узоқда ҳасратли марайди бузоқ,
  Лўкиллаб қайтади қишлоққа пода,
  Толзорда чумчуқлар жаврайди узоқ,
  Дарахтлар қилт этмас, ютгандай хода.
  
  Қайдадир чириллар чирилдоқ тинмай,
  Етимдек бир ўзи кезар дайди ел.
  Сутдек ойдин тунда уйқуси келмай,
  Дарчалардан ойга термулади эл.
  
  
  13/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Субҳи содиқ
  
  
  Халойиқ донг қотиб ухлайди ҳамон,
  Қорайган дарчалар чироғи ўчган.
  Дайдиб юрар далли, девона шамол,
  Ховлидан ховлига кўчгани кўчган.
  
  Юлдузлар тўкилиб ховучларидан,
  Осмон ҳам уйқуга кетар ҳойна ҳой.
  Чарчаб чирилдоқнинг товушларидан,
  Булут кўрпасига бурканади ой.
  
  Дарёда тишланган олмадек оқиб,
  Ой хорғин оҳиста ортга қайтади.
  Ховуз кўзгусига хаёлчан боқиб,
  Дарахтлар тушини сувга айтади.
  
  
  07/03/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ёмғирли куз
  
  
  Йиғлаб, савалайди боғларни ёмғир,
  чинор япроқлари йўлда ямоқдек.
  Дераза ортида ялонғочланган
  намчил новдалари кузги дарахтнинг.
  Бу ялонғоч, аччиқ новдалар билан
  арзир саваласанг ўзингни ўзинг.
  
  
  20/01/2023. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Тунги ёмғир
  (Таниқли ҳонанда ва бастакор Толибжон
  Зокировга.)
  
  
  Адоқсиз ва бўм - бўш кўчада гўё,
  дайдиб юрар, ёмғирда ивиб,
  юпун, ярим ялонғоч руҳинг.
  Итбалиқдай титрар томчилар
  совуқ ойнасида деразаларнинг.
  Ёмғирнинг чакида халтасидан
  томаётган чаккилар эмас,
  чиқиллайди деворда соат.
  Ташқарида қарсак чалади ёмғир,
  ичкарида эса, танҳо бир ўзинг.
  Пастак даричадан, хорғин ва маъюс
  фонус ёруғида жимирлаётган
  кўлмакларга боқасан узоқ.
  Шовуллар қулоғинг чиғаноғида
  қадимий денгиздай ёмғир шовқини.
  Шу маҳал, негадир, кутилмаганда,
  йиғлагинг келади унсиз, ўксиниб,
  лек йиғлай олмайсан,
  кимсасиз оролда ёлғиз яшайвериб,
  йиғлашни унутган одам сингари.
  
  
  06/03/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Мўжиза
  
  
  Қор тилсиз соқов деб сенга ким айтди?
  У сўзлай олади, қўшиқ ҳам куйлар,
  Қорзарра тўзони тўзғиган пайти,
  Кўринмай кетганда далаю уйлар.
  
  Қалин қор қоплаган кўчада юрсанг,
  Бир ўзинг, салмоқли қадамлар ташлаб.
  Соябонинг чертиб, ўзича хурсанд,
  Қор аста шивирлаб, гапира бошлар.
  
  
  21/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қахқаха
  
  
  Боғда санғиб юрар дайди шаббода,
  Юлдузлар осилиб турибди аранг.
  Ой, мени кечиргил, билмай, мободо,
  Тирноқлаган бўлсам дилдаги яранг.
  
  Сочинг устарада таглаб қирибсан,
  Мўйчинакда юлиб, кипригу қошинг.
  Осмон саҳросида ёлғиз юрибсан,
  Арчилган тухумга ўхшайди бошинг.
  
  Кезасан, кимнидир тополмай, истаб,
  Бақалар соҳилда сафсата сотар.
  Тақир бошинг кўриб, кулгиси қистаб,
  Булбуллар ойдинда қахқаха отар.
  
  
  24/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ландавур дарахтлар
  (Журналист Вадим Шарфга)
  
  
  Зулматда лайлакқор ёғар бўралаб,
  Пичирлайди дарча, гўё алахлар.
  Оппоқ қорлар кафанига ўраниб,
  Менга бундай боқманг, дарахтлар.
  
  Қарайсиз қор босган йўлга интизор,
  Кафандай оқарар қор босган дала.
  Кезаман, пойимда хуррак отар қор,
  Қорбўрон уйларнинг ойнасин ялар...
  
  Яланг шохингизда қиров ярақлар,
  Чиқмайди кулбангиз томидан тутун.
  Кўмир бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, дарахтлар,
  Наҳот тополмайсиз бир боғлам ўтин?..
  
  
  29/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Дуогўй боғлар
  
  
  Талпингандай азиз авлиёларга,
  тонгда йўл оламан ёлғиз бир ўзим,
  олмоқ учун, ҳеч ким йўқламай қўйган
  хазонли, кимсасиз боғлар дуосин.
  Дуо қилар мени маҳзун пичирлаб,
  ғариб, кузги ярим ялонғоч боғлар,
  ўраниб туманлар увадасига.
  
  
  21/06/2022.
  Эрта билан соат 7:23.
  Канада, Отарио.
  
  
  
  
  
  
  Қордан ёришади руҳим даласи
  (Халқимизнинг севимли шоирларидан бири Одил Икромга)
  
  
  Оҳиста ўчириб қора рангни қиш,
  Бўяйди кимсасиз зулматни оққа.
  Халойиқ ухлайди беғам, беташвиш,
  Қарайман қорлардан оқарган ёққа.
  
  Қорли тун, мисоли ибтидоий ғор,
  Кўчада дарбадар шамол хуштаги.
  Ҳамон ўша ўша, ўзгармапти қор,
  Ой ёритган дала каби тушдаги.
  
  Учади гоҳ сўлга, гоҳида ўнга,
  Оппоқ чивинларнинг телба галаси.
  Термуламан қорли кимсасиз йўлга,
  Қордан ёришади руҳим даласи.
  
  
  05/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Тўлқинлар қўйпода сингари чопар
  
  
  Соҳилда қоялар пойини ялаб,
  Мовий тўлқинларнинг галаси чопар.
  Денгиз кўйлагининг этаги билан,
  Оҳиста қумдаги изларинг ёпар.
  
  Шовуллар шамолда денгиз даласи,
  Дельфинлар ханжари сувни чавақлар.
  Қанотлари ила чағалайлар галаси,
  Мовий тўлқинларни ўқир, варақлаб.
  
  
  09/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ёмғирли шаҳар
  
  
  Ёмғирдан юз ёшга ёшарди шаҳар,
  Автобус қайиқдай юради сузиб.
  Йўловчиларга сув сачратиб ўтар,
  Ҳаммани кулдириб, ичагин узиб.
  
  Чиқар, олд эшикка ўзини урар,
  Ва орқа тамондан тушади авом.
  Автобус одамдай тиржайиб кулар,
  Сўнг яна йўлида этади давом.
  
  
  09/02/2020.Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Хуштак
  
  
  Дарчадан қорларга қарайман ҳамон,
  Қутб қашқиримас, изғирин увлар.
  Қордан қанот ясаб учаркан шамол,
  Бургутдай қоручқун ортидан қувлар.
  
  Қоручқунлар учар зулматда ўқдай,
  Ойналарни чўқир устига устак.
  Олисда чинқирган поездга ўхшаб,
  Ошхонада чойнак чалади хуштак.
  
  
  08/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Боғлар ярим ялонғоч, юпун
  
  
  Кузнинг ўйчан шамоли изғир,
  Ҳазин хору хазонлар оҳи.
  Шамолларда чалар сибизға,
  Дарахтларнинг ялонғоч шохи.
  
  Дала қўриқчиси кийинган юпун,
  Ёрилади кузги боғлар анори.
  Ғамгин ҳаволарда сузади тутун,
  Қишга туташади кузнинг давоми.
  
  Шамол эса юрар тимирскаланиб,
  Гоҳо ўт - ўланни қайрийди, тўхтаб.
  Худди галадошин бурга, битларин,
  Излаётган маймунга ўхшаб.
  
  
  07/02/3020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Сукунат
  
  
  Ёлғиз одимлайсан ўтлоқ томонда,
  Кўринмайди кузги йўлларда биров.
  Сигиринг излайсан кузги туманда,
  Қошу кипригинга қўнади қиров.
  
  Боғлар сукунатга, хаёлга ботган,
  Ёстиқ қилиб ётар жимлик ковушин.
  Тинглаш учун аста учиб тушаётган,
  Кузги япроқларнинг мунгли товушин.
  
  
  11/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Қалдирғоч
  
  
  Кузда кетганингни сезмай қоламиз,
  Уммонлар устида учасан ойлаб.
  Хазонрез боғларда ўйга толамиз,
  Олис ўлкалардан қайтишинг пойлаб.
  
  Бўронлар ҳам сени тўсолмас йўлдан,
  Саросар учишни йиғиштир, етар.
  Уй олиб Маслахат ё Олтинкўлдан,
  Одамдай бир жойда яшасанг нетар?
  
  Ҳар баҳор халлослаб қайтиб келасан,
  Қишласангда Миср ва ёки Чинда,
  Чуғур чуғур сайраб, завққа тўласан,
  Лойлар маржонидан қурилган инда.
  
  Лойни ийлармишсан тумшуғинг билан,
  Бу қандай гувалак, айт, қандай усул?
  Кўлмакларда гоҳо айтганча ўлан,
  Чўмиласан, вожиб бўлгандай ғусл.
  
  Бу йил яна излаб яшамоққа жой,
  Эшитдим, қалдирғоч, келибсан қайтиб.
  Яна ин қурибсан, тумшуғингда лой,
  Бизни хашарга ҳам қўймабсан айтиб.
  
  
  24 май, 2014 йил.
  Тунги соат 1:17 дақиқа ўтди.
  Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  Селдан гувиллайди ўтлоғу дала
  (Хуршид Зиёхоновга)
  
  
  Шаррос қуяр экан шовқинли жала,
  Гулдирак фарёди оламни тутар.
  Селдан гувиллаган ўтлоғу дала,
  Шиддатли ёмғирда кўринмай кетар.
  
  Лек шадид тало тўп кўп ўтмай яна,
  Тақа тақ тўхтаркан, тиниб қолар сел.
  Осуда сукунат қўнган кўчага,
  Хаёлчан термулар дарчалардан эл.
  
  Шалоббо боғларда шодумон қушлар,
  Чуғур чуғур сайраб, сафсата сотар.
  Кўчада осмону фалакдан тушган,
  Тубсиз, шаффоф кўзгу ярақлаб ётар.
  
  
  23/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ёлғизлик
  
  
  Гоҳо узоқлашар, гоҳ келар яқин,
  Шамол ўпкасини илганча чўпга,
  Қилич ялонғочлар зулматда чақин,
  Қалдироқ осмонни тутади тўпга.
  
  Ҳадемай дала - дашт қолар хувиллаб,
  Қушлар ҳам йўл олар жанубга томон.
  Дарбадар, эгасиз итдек увиллар,
  Яйдоқ далаларда савдои шамол.
  
  Хочпарчин қилинган Исодай юпун,
  Қўриқчи йўлларга боқади илхақ.
  Койийди ўзини, олмагани учун,
  Қайтишга муҳожир қушлардан тилхат.
  
  Узун енгларини силтаб галага,
  Қўриқчи рақс тушар, кўйлаги бўздан.
  Бечора, бир ўзи бийдек далада,
  Ёлғиз яшайвериб ақлдан озган.
  
  
  15/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ҳамқишлоқларни эслаб
  (Овчи Ўлжабой акага бағишланади)
  
  
  Ўлжа ака, бормисиз саломат, омон,
  Юрибсизми ҳамон, дарё ёқалаб?
  Ой соҳил сувларин ёритган замон,
  Жўр бўлиб куйлаган чоғи бақалар?
  
  Қадим "Чўчқахона", тераклар толлар,
  Қулоқни ёргудек қушлар шовқини.
  Кунботар чоғлари мараган моллар,
  Жарликлар сояси, дарё тўлқини.
  
  Дўстим Эркин билан сигир боқардик,
  Ўтардик молларни кечувдан ҳайдаб.
  Оловга термулиб, гулхан ёқардик,
  Дарё соҳилида юрардик дайдиб.
  
  Шошилмай ўтарди кечувдан моллар,
  Шохига қўндириб қушларни гоҳи.
  Шовулларди шамол шаштида толлар,
  Янграрди соҳилда каккулар оҳи.
  
  Чапаевнинг ери, шийпон, "вахм"лар,
  Олимжон Матмурод бетакрор шоир.
  Юрарди ширакайф, чизиб расмлар,
  Ёзган шеърларига, қолардик қойил.
  
  Дарё соҳилларин ёритганда ой,
  Илинар қармоққа сазану лаққа.
  Ўлжа ака, ризқ учун, осмонга боқиб,
  Шукрлар айтасиз жаноби Ҳаққа.
  
  Бир четда, ҳеч кимга халақит бермай,
  Яшайсиз камтарин авлиёга ҳос.
  Сиз каби инсонлар номига шеърмас,
  Беш қисмли Ҳамса, достон ёзса оз.
  
  
  04/03/2023.Канада, Онтарио штати.
  
  
  
  
  
  Ван Гог
  
  
  Қош - кипригинг, сочу соқолинг малла,
  Кўзларинг киртайган, юзларинг чувак.
  Бинт билан ўралган учбурчак калла,
  Юпқа лабларингда қимтилган сумак.
  
  Штрихми ё тўзғир картинангда юнг?
  Ўқрайиб қарайсан, қовоғинг уйиб.
  Ранглар тўзонида жилваланар мунг,
  Уфқларнинг этаги бормоқда куйиб.
  
  У ёқда ўт ўлан денгизи бормиш,
  Ҳали тушмаганмиш буғдойга ўроқ.
  О телба мусаввир, девона, дарвеш,
  Макони ёлғизлик, жандаси фироқ.
  
  Юлдузлар талайди кўкни беомон,
  Олис кулбаларда чироқ ёқарлар.
  Умидвор термулар ботаргох тамон,
  Шомги далалардан кунгабоқарлар.
  
  
  7/03/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Чигирткалар ёприлишини кутиб
  
  
  Қуёш ғамгин ботар, сокин тонг отар,
  Хувиллайди боғлар кун ўтган сайин.
  Самбиттол ҳасратли ўйларга ботар,
  Кокили шовуллаб шамолда майин.
  
  Қушлар фарёдидан ёрилгудек само,
  Эл қишни пинхона, орзиқиб кутар.
  Оппоқ чигирткалар бўрони аро,
  Ҳадемай дала дашт кўринмай кетар.
  
  
  02/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Кузги сукунат
  
  
  Кузнинг лабларида қахрабо ханда,
  Пичирлаб ненидир айлар қироат.
  Эгнида хазондан тикилган жанда,
  Мисли пири муршид, соҳибкаромат.
  
  Кезади хазонрез боғларда туман,
  Қизиқтирмас уни ҳоким, ҳукумат.
  Камтарин донишманд авлиёсимон,
  Вазмин хаёл сурар кузги сукунат.
  
  
  29/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Эҳтиёж устига қурилган дунё
  
  
  Севги нима? -дея савол берарлар,
  Севги чидаб бўлмас сирли эҳтиёж.
  Чидаётган бўлсанг, демак, севмабсан.
  Бу эҳтиёж устига қурилган дунёда эса,
  муҳтож бўлмаган,
  тиланчи бўлмаган бирор кимса йўқ.
  Ҳамма нимагадир, кимгадир муҳтож.
  Дунё деб аталган ўткинчи, муваққат
  ҳижрат ҳужрасида ҳамма муҳожир.
  Беш тўрт сўм пул топган киши бўлиб,
  ғариброқ одамга кўз қири билан қараб,
  тишларини ковлаб, кекирган кимса,
  қилган чала пуча ибодати эвазига,
  букчайиб, тебраниб, астойдил пичирлаб,
  кўзларида шашқатор кўзёши билан,
  йиғлаб, тиланади Худодан соғлик,
  молу мулк, узоқ умр, мансаб, мартаба
  мағфирату серсоя Жаннатлардан жой.
  Ҳа, эҳтиёж устига қурилган бу дунёда
  барча эҳтиёжманд, барча тиланчи.
  Дарчадан йўлларга интизор боққан
  етим каби ҳамма меҳрга муҳтож.
  
  
  01/03/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Жирафа билан суҳбат
  
  
  Жирафа, лаллайиб юргунча, буйтиб,
  Узун бўйнинг чўзиб, қарачи,
  Кўринарми менинг серқуёш юртим,
  Соҳилларга туташ пахта даласи?
  Кўкқарға, қалдирғоч ўйиб, ин қурган,
  Илма тешик жарлар, мисоли пишлоқ.
  Дайди капалаклар тентираб юрган,
  Соя салқин толзор, қадрдон қишлоқ.
  Шамол шовуллаган қамишли соҳил,
  Узоқда гулханлар ётгандир тутаб?
  Тинглаб каккуларнинг ҳасратли оҳин,
  Дехқонлар юргандир шолисин ўтаб?
  Қалин ёғочгардиш кўзойнак таққан,
  Йўл қараб, мунғайган пастаккина уй.
  Кўзёш каби тошиб, лимиллаб оққан,
  Дарё, бамисоли оҳанрабо куй.
  Кўкда шоду хуррам, бир бирин қутлаб,
  чорлоқлар чийиллаб учарди ҳар тонг.
  Қўй, сигир подаси юрарди ўтлаб,
  
  Кўринмаяптими?
  
  Аттанг...
  
  
  23/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Учрашув
  
  
  Ойдин ёз кечаси, мусаффо ҳаво,
  Кўкда юлдузларга етишмайди жой.
  Сокин сукунатда бесас, бесадо,
  Шуълалар тўшайди далаларга ой.
  
  Тутдек тўкилади юлдузлар сувга,
  Соҳил бақа шовла қайнатар гоҳи,
  Ўт -ўланни кечки шудринглар ювган,
  Зулматларни тешар чирилдоқ оҳи.
  
  Бўғиқ акиллайди олисда итлар,
  Йиғлайсан, кўксимга қўйганингча бош.
  Лабларинг четида омонат титраб,
  Олмосдай порлайди бир томчи кўз ёш.
  
  
  06/03/2020. Кундуз соат 1:02. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Мақомат
  
  
  Кузнинг лабларида қахрабо ханда,
  Пичирлаб ненидир айлар қироат.
  Эгнида хазондан тикилган жанда,
  Мисли пири муршид, соҳибкаромат.
  
  Кезади хазонрез боғларда туман,
  Қизиқтирмас уни ҳоким, ҳукумат.
  Камтарин донишманд авлиёсимон,
  Вазмин хаёл сурар кузги сукунат.
  
  
  29/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ёрилтош
  (Актер Фарход Абдуллаевга)
  
  
  Кулма, савол билан мурожаат этсам,
  Йўл четида ёлғиз сўппайган эй тош!
  Сенда ҳам борми қалб, борми ҳасрат, ғам,
  Чиқарми сенинг ҳам кўзингдан кўзёш?
  
  Сен ҳам севганмисан биронтасин, айт?
  Кўрганда тош қотиб, пайпаслаб кўксинг.
  Сокин сукунатда, ой порлаган пайт,
  Кўз ёш тўкканмисан овозсиз, ўксиб?
  
  Сенинг бошингни ҳам ёрганми ёғий?
  Кўринмас тош билан, айт менга ростин.
  Бошинга оғирроқ иш тушган чоғи,
  Кўриб, кўрмаганга олганми дўстинг?
  
  Қандай мавжудотсан, нимасан, кимсан?
  Кел, бугун ложувард нурларга қорил.
  Гапирсангчи ахир, не учун жимсан?
  Тош, сен ҳам тош бўлиб бир бора ёрил!
  
  
  29/07/2019. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Исириқ тутатар боғларда туман
  
  
  Менга ўхшаб ялқов, бекорчимас шамол,
  У юпун боғларни солиққа тортар.
  Қушлар учиб кетар жанубга томон,
  Кундан кунга элнинг ҳайрати ортар.
  
  Исириқ тутатар боғларда туман,
  Тийрамох қушларни жанубга қувган.
  Тол ховуз бўйида серраяр ҳамон,
  Хаёли паришон, термулар сувга.
  
  Хазонларни қувлаб дайди шаббода,
  Эсиб ўтар экан ёнимдан шошиб,
  Битта баргни тутиб олдим ҳавода,
  Босиб кетмасин деб шўрликни мошин.
  
  
  21/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қўнар дала - даштнинг сочига қиров
  
  
  Хориган япроқлар, дақиқа санаб,
  Топ - тоза йўлаклар узра тўкилар.
  Шамол ивирситган йўлакка қараб,
  Фаррош хўмрайганча сўкинар.
  
  Қўзғолади кўкда қушлар бўрони,
  Осмонга аланглаб қарайди барча.
  Чирпираб рақс тушар боғлар хазони,
  Сўнг ерга қўнади оҳиста, чарчаб.
  
  Хазонлар сарғаяр, мисоли мусхаф,
  Қўнар тўзғоқларнинг сочига қиров.
  Жануб томон жўнаб кетади куз ҳам,
  Гувиллаган қушлар бўрони аро.
  
  
  21/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан
  
  
  Қушлар учар иссиқ ўлкалар томон,
  Ҳадемай далалар ҳаловат топар.
  Мойланмаган темир дорвозани шамол,
  Гоҳ қиялаб очар, гоҳида ёпар.
  
  Ғамгин хўрсинишдан энди не фойда,
  Кузмас, сенга баҳор кўпроқ ёқарди.
  Севгининг иккимиз учрашган жойда,
  Кузги қоқиўтдай сочи оқарди.
  
  Осуда туманли тийрамох тонги,
  Хазон чирпирайди ўнгу сўлингда.
  Турналар фарёди тўла осмонга,
  Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан.
  
  
  19/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Сайр
  
  
  Кўкдан ой хаёли паришон боқар,
  Бақалар зулматда куйлайди ҳамон.
  Ойдинда сайр этиш яхшию, фақат,
  Ёлғизлик ва яна сенсизлик ёмон.
  
  Ойдин сукунатда дов дарахт мудрар,
  Осмон лаъл жавоҳир -юлдузларга бой.
  Яна бир оз порла далалар узра,
  Мени ёлғиз ташлаб кетиб қолма, ой!
  
  
  19/02/2020.
  Кундуз соат 2:44.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ойдин соҳиллар
  
  
  Кимдир ёлғиз сузар ёғоч қайиқда,
  Бир маромда ўйчан эшкаклар эшиб.
  Юксалади кўкка, асло хайиқмай,
  Ой шуъладан арқонлар эшиб.
  
  Сузаркан кўзагул очилган жойга,
  Маст аласт чайқалар соҳилларда сув.
  Боқиб дарё узра порлаган ойга,
  Ёввойи ҳайратдан анграяди у.
  
  Осмон деб аталган бепоён томда,
  Сукут сақлар олис юлдузлар минглаб,
  Эшкаклардан аста чакиллаб томган,
  Томчиларнинг товушин тинглаб.
  
  
  18/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Оғзи қулоғида, жилмаяр ҳилол
  
  
  Дарчаларнинг кўзи тушмасин оқиб,
  Зулмат қамрамасин ўнгу сўлимни.
  Дов - дарахтлар машъаласин ёқиб,
  Куз ёритган маҳал менинг йўлимни.
  
  Пайпаслайди чироқ шуъласи билан,
  Трактор зулматда кузги далани.
  Мудраб ётар қишлоқ, мисоли чаман,
  Чироқлар чивинига таланиб.
  
  Охиста имлайсан, эшигинг очиб,
  Паришон сочларинг ўйнайди шамол.
  Жилмаяр, оғзининг таноби қочиб,
  Шудгорланган дала устида ҳилол.
  
  
  17/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қадам товушлари
  
  
  Хонада сукунат ҳукмрон эди.
  Фақат чиқилларди деворда соат.
  Шу маҳал хонада ўтирган одам
  бирдан қўрқиб кетди, эшитиб,
  сония ба сония, дақиқа ба дақиқа
  тобора яқинлашиб келаётган
  соат чиқиллашига ўхшаб кетгувчи
  ўлимининг қадам товушларини.
  
  
  22/03/2024. Кеч соат 7:34. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Хиёбон
  
  
  Ё пирай, сен буни қаердан билдинг?
  Ҳа, барги хазонлар чирпираб учар.
  Табиат ҳадемай, эрта ё индин,
  Бўлмасайди қишнинг қаҳрига дучор.
  
  Боғда барги хазон учади пастлаб,
  Новдадан узилиб тушгани оздай.
  Дафтар ҳам қоғоздан қанотин ростлаб,
  Учиб кетмасайди жанубга ғоздай.
  
  
  16/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ойдин кеча
  
  
  Ит қувган соқовдек чопади пойиз,
  Оғир вагонларни ортидан судраб.
  Ой оппоқ нилуфар, осмон эса ховуз,
  Хуррак отар ялқов бақалар, мудраб.
  
  Боғлардан ахтарар тунамоққа жой,
  Дарбадар шаббода, кўзлари сўқир.
  Дарахт шохларининг соясидан ой,
  Йўлга тўшаш учун поёндоз тўқир.
  
  
  15/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Озодлик
  
  
  Очиб юбордилар қафас дарчасин,
  Осмону фалакка ҳаволанди қуш.
  Учди у, унитиб барча - барчасин,
  Англолмай кўргани ўнгми ёки туш.
  
  Учар қанотлари кетгудай титилиб,
  Парларини шамол авайлаб силар.
  Қафас, озод бўлиб, қушдан қутилиб,
  Оғзини ланг очганча кулар.
  
  
  15/02/2020.Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Кечув
  
  
  Ўзанидан тошар баҳорги дарё,
  Босар ўтлоқлару дала даштни сув.
  Шамол тол кокилин ўйнар бепарво,
  Гоҳо капалакни қувлаб кетар у.
  
  Илондай пўст ташлаб, қорпўстинин ечиб,
  Йўллар ўрмалайди, билмам, қаёққа.
  Мовий осмонларни ўтади кечиб,
  Дарахтлар, шошилмай ёғоч оёқда.
  
  
  14/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Осмон саҳросида қушлар карвони
  
  
  Чалинмади ҳали черковларда жом,
  Ҳали янграмади масжидда азон.
  Қўнмади ўрмонлар этагига шом,
  Пичирлар пойимда дуогўй хазон.
  
  Дов дарахт жандаси оқар дарёда,
  Тобора юксалар булут хирмони.
  Йиғлаб видолашар, кўтарар фарёд,
  Осмон саҳросида қушлар карвони.
  
  
  14/02/2020.
  Кундуз соат 12:15.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Соғинч
  
  
  Тўлқинлар, узоқдан мени кўриб,
  Бир бирини қувлаб, қирғоққа чопар.
  Соғинган аёлдай улардан бири,
  Сакраб, қучоғимга ўзини отар...
  
  Олис ҳотиралар, биз учрашган жой,
  Чағалайлар оҳи гирдибодимда.
  Ипакдай сочларинг висолгохда ой,
  Ёритган лахзалар ҳамон ёдимда.
  
  Борсам, танирмикан дарёнинг лаби,
  Ой ҳамон боқарми йўлга интизор?
  Учрашганда денгиз тўлқинлари каби,
  Отасанми ўзингни қучоғимга, ёр?
  
  
  13/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Совға
  
  
  Истасангиз, эсдалик учун шу пашшаўлдиргични сизга совға қиламан. Сиз у билан бекорчилик жонга теккан маҳаллар, сокин сукунатли дала ховлингиз ойналарига қўнган мудроқ пашшаларни ўлдиришингиз мумкин - дея мен соҳибжамол аёлга ўзимнинг яқинда нашрдан чиққан, юпқа дафтарни эслатгувчи пиёзпўсти китобимни совға қилдим.
  
  
  13/02/2020.
  Кундуз соат 10:10.
  Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Поезд
  
  
  Гоҳида ўрмалар, гоҳ учар қушдай,
  Чинқирар зулматда телбага ўхшаб.
  Узоқ узоқларда чалади хуштак,
  Пишқиради хорғин, қайдадир тўхтаб.
  
  Мана эллик йилки, мисоли ҳайкал,
  Қаққайиб турибман, перрон бағри тош.
  Ҳамон кетиб борар бир пари пайкар,
  Юм -юм йиғлаганча, кўзда жиққа ёш.
  
  
  12/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ой порлаган оқшомлар
  
  
  Боғларда чирилдоқ чириллаган тун,
  Ғамнок бўзаради айвон чироғи.
  Парвоналар эса чарх урар беун,
  Том устида порлар ойнинг ўроғи.
  
  Жовдирайди олис юлдузлар кўзи,
  Ой, "гах!" десанг гўё қўнгудек қўлга.
  Пахса девор оша, бўйнини чўзиб,
  Тераклар дўстимдай қарайди йўлга.
  
  
  12/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Тўлин ой
  
  
  Гоҳида, қудуқнинг оғзига ўхшаш
  тўлин ойга узоқ термулганимча,
  қуриб қолган кўхна қудуқ тубидаги
  ёлғиз одам каби сезаман ўзни.
  
  Гўё, занжирини шалдиратганича
  танғир тунғир қилиб тушадигандай
  юқоридан бўм -бўш қудуқ челаги.
  
  
  23 -03/2924. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Сув тиниқ, балиқлар билтанглаб сузар
  
  
  Дарё тўлқинлари қумлоқни ялар,
  Соҳилларда бошоқ чиқарган шоли.
  Шитирлаб, шивирлаб, ёмғир савалар,
  Шамолда шовуллар қамишлар ёли.
  
  Ёмғирли соҳилдан келмайди кетгим,
  Жимирлайди сувда халқалар минглаб.
  Боқаман қармоқнинг пўкагига жим,
  Пичирлаган ёмғир оҳини тинглаб.
  
  Ёмғир савалаган соҳиллар сўлим,
  Кўзларим - баҳорий дарё ўзани.
  Сув олгани келсанг соҳилга, гулим,
  Кўзларимга ботир кўзани.
  
  
  12/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қишки чивинларнинг оппоқ галаси
  
  
  Кўча фонусларин талайди, тўзғиб,
  Оппоқ чивинларнинг телба галаси.
  Қалин қоркўрпалар остида мизғир,
  Зулматда оқарган дехқон даласи.
  
  Муз остида мудраб ётибди анҳор,
  Кумуш кишан каби шалдираб.
  Майли ҳаялласин, кечиксин баҳор,
  Кўкда бўкирмасин момақалдироқ.
  
  Тўзғиб учаверсин, тўхтамай бир зум,
  Оппоқ қорзарралар гала ва гала.
  Майли баҳоргача уйқуни урсин,
  Узоқда кимсасиз қор босган дала.
  
  
  11/02/2020.Канада. онтарио.
  
  
  
  
  
  Саҳро
  
  
  Шолоплайди қирғоқ, денгиз чайқалар,
  Офтоб шуъласида товланади тўр.
  Гала гала учган оппоқ чайкалар,
  Чийиллайди денгиз шовқинига жўр.
  
  Қирғоққа бош уриб, қиқирлаб кулган,
  Тўлқинлар бир бирин қувлаб, қувонар.
  Кимсасиз саҳрода шамоллар юлган,
  Шувоқ, туяқорин каби думалаб.
  
  
  10/02/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ёз
  
  
  Капалаклар учар ўнгу сўлимда,
  Тўрғайлар сайрайди тўлиқиб, тошиб,
  Буғдойзорда пешвоз чиқар йўлимга,
  Дала қўриқчиси, қучоғин очиб.
  
  Ёзги пайкалларда жимирлар сароб,
  Бир маромда ўнтаб, оҳ чекар ғуррак.
  Гўё узоқларда, жийдазорлар аро,
  Жавзо ухлаб ётар, отганча хуррак.
  
  
  24/01/2020. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қорли далалар
  (Най созининг қироли Абдулаҳад Абдурашидовга)
  
  
  Хазонрез шамоллар эсди гувиллаб,
  Қушлар учиб кетди гала ва гала.
  Кимсасиз ховлидай қолди хувиллаб,
  Қор қоплаган яйдоқ кимсасиз дала.
  
  Белигача қорга ботиб, беомон,
  Қуриган қамишлар бормоқда қайга?
  Балки улар борар соҳилга тамон,
  Айлангани шамол шаштида найга?
  
  
  2017 йил, 16 ноябр. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Махшар
  
  
  Бойликдан батамом қутилди дарахт,
  Ташлаб оғир тилла хазонлар юкин.
  Ва ғамгин кимсасиз йўлларга қараб,
  Хаёлларга ботди, сақлади сукун.
  
  Чорбоғларда дайдиб юраркан шамол,
  Қуриган ўт - ўлан бошини силар.
  Ҳазонга ёнбошлаб, беғам, бемалол,
  Майхўрдай донг қотиб ухлагинг келар.
  
  Аччиқ тутун хиди сузар ҳавода,
  Боғларда ўт -ўлан қовжираб қақшар.
  Саҳродай кимсасиз сўйи самода,
  Қушлар қўзғалони, фарёди махшар.
  
  
  04/02/2020. Кундуз соат 11:04. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Куз ҳасрати
  
  
  Кузак ўт - ўланни авайлаб, асраб,
  Хазонларга дафн этмоқчи чоғи.
  Кузги толзорларга чўкади ҳасрат,
  Қағиллайди боғлар қарғаю зоғи.
  
  Қахрабо баргларин тўкади чинор,
  Хиёбон руҳимдай ҳувиллаб ётар.
  Тиржаяр боғларда ёрилган анор,
  Дарахтлар уялиб, авратин ёпар.
  
  Пуфлаб ўчирилган шағам каби улар,
  Сирли бўлсин дея айёми висол.
  Хазонлар шамолда чирпираб учар,
  Шуълага талпинган парвонамисол.
  
  
  03/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ҳайрат
  
  (Раҳмон Қўчқорга)
  
  
  Йўлларга поёндоз тўшаётир ой,
  Бир ўзим дайдийман ойдинда яёв.
  Юлдузлар бургадек кўкни ҳойнаҳой,
  Ухлагани қўймай, чақар беаёв.
  
  Кимсасиз далалар берар акс - садо,
  Дарёлар ортида кўппаклар хурса.
  Фақат жим кузатар дунёни Худо,
  У овозсиз урар, мободо урса.
  
  Дала - дашт ортида чироқларин ёқиб,
  Зулматлар уйқуга кетди ҳойнаҳой.
  Боғларда очилган гулларга боқиб,
  Яна анграйганча тилдан қолди ой.
  
  
  03/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Юлдузли осмон
  
  
  Гулхан ловуллайди, зулматли дала,
  Учқунлар чирсиллаб, учар ҳавога.
  Ёнарқурт cингари товланганча алар,
  Осмону фалакка бўлар равона.
  
  Ёнар ғўзапоя, шабба, хору хас,
  Ёлғизлик, сукунат, ойдин ҳаловат.
  Назаримда гўё юлдузларга эмас,
  Гулхан учқунига тўлди самолар.
  
  
  01/02/2020.Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Музлаган дарё
  
  
  Қишнинг сочи оппоқ оқарган,
  Биринчи қор, кимгадир сўнги.
  Одам қорга ўйчан боқаркан,
  Билолмас, бу тушми ё ўнги.
  
  Музлаб қолган дарёдаги сув,
  Оппоқ жимлик, мисоли рўё.
  Оқчорлоқлар кўтарар қий - чув,
  Эри урган хотиндай гўё.
  
  
  31/01/2020.Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Хайқириқ
  (Тўбо хола ҳотирасига)
  
  
  Ёзги далаларда кезар дайди ел,
  Салқин чорбоғларга шўнғийди қушлар.
  Сароб жимирлаган пайкал аро эл,
  Офтоб қиличининг тиғида ишлар.
  
  Соя салқинларда ётган сигирлар,
  Ковшаниб, кўзларин юмади, мудраб.
  Ҳавода муаллақ тўрғай вижирлар,
  Жийдазор томонда ўнтайди ғуррак.
  
  Ошпаз Тўбо ҳола тупроқ тепада,
  Қийқирганча элни чақирар чойга.
  Дайди капалакни қувлар шабада,
  Дов - дарахт сояси тўшалган жойга.
  
  
  07/02/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ойдин сукунат
  
  
  Ховузга термулар лаллайган дарахт,
  Осмон ярақлаган юлдузларга бой.
  Оқаришар ойдин кимсасиз дала,
  Кўзни қамаштириб порлаётир ой.
  
  Алвон гилослардан боғлар бағри қон,
  Олисда бақалар қайнатар шовла.
  Донг қотиб ухлайди халойиқ шу он,
  Уйғонмас, бостириб келса ҳам ёвлар.
  
  Кимсасиз сукунат, ҳаволар текин.
  Аршга етиб борар чирилдоқ оҳи.
  Мўралаб қўяди дарчаларга секин,
  Осмону фалакнинг малика, мохи.
  
  
  25/01/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Ховлидан ховлига кўчар дайди ел
  
  
  Бирин кетин хорғин чироғин ёқар,
  Хорғин шуълаафшон дарчаларда эл.
  Ой коптоги сокин дарёда оқар,
  Ховлидан ховлига кўчар дайди ел.
  Бир саёқ шоирни соғинган аёл,
  Ётолмай музкўрпа тўшалган жойга,
  Термулар дарчадан паришонхаёл.
  Дала узра ғамгин порлаган ойга.
  
  
  14/06/2016. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  Тунги лайлакқор
  
  
  Йўқдир қорзарралар саноғи, сони,
  Қиш зулмат қаърида шопиради қор.
  Ёридан айрилган одамдай фонус,
  Қор қоплаган йўлга боқар интизор.
  
  Айвонда ағрайиб ётар ковушлар,
  Хорғин деразалар бўзарар ҳамон.
  Кимсасиз боғларда изғиб, ховучлаб,
  Дарчаларга гуруч сочади шамол.
  
  Қорли йўлга боқиб, хаёлинг оғар,
  Оқарар осуда дала, қир - қия.
  Қор аста шивирлаб, жимгина ёғар,
  Эл -улус уйғониб кетмасин дея.
  
  
  23/01/2020. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Фаррош
  
  
  Кўчманчи қушларга тилар баргрезон,
  Бехатар сафару сабр ва бардош.
  Топ -тоза йўлакка тўкилар хазон,
  Бўралаб сўкади шамолни фаррош.
  
  Осмонни тўлдириб, гала ва гала,
  Шоша пиша учиб кетмоқда қушлар.
  Уйқуга кетади ҳадемай дала,
  Кўрмоқ учун оппоқ, ҳайрли тушлар.
  
  
  23/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Бўса
  
  
  Қайин шовуллайди, шаббода эсар,
  Какку узоқларда оҳ чекар ёлғиз.
  Йўл йўл майка кийган ўроқчи эса,
  Астойдил ўт ўрар, қўлида чалғи.
  
  Дарёда ўрмалар эринчоқ туман,
  Шамол ўт -ўланни тебратиб ўтар.
  Ёз дайди ва довдир капалак билан,
  Чечаклар лабидан авайлаб ўпар.
  
  
  22/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Капалак
  
  
  Кимсасиз осуда жим - жит йўлакка,
  ҳазин шовуллаган кузги қайиннинг
  қаҳрабо барглари тўкилар аста.
  Эси оғиб қолган, ховлима ховли,
  дайдиган хазонрез саёқ шамолнинг.
  Сув қуйгандай жим -жит теварак атроф.
  Боғда гулдан гулга оҳиста қўниб,
  гоҳ кимсасиз йўлакни пайпаслаб, ўпиб,
  бир оппоқ капалак, етимдай ёлғиз
  учиб юрар, кимнидир излаётгандай.
  Учиб юрарди у, худди тунлари
  мен ёзган шеърларни нотбукингдан
  бировга кўрсатмай ўқиётган пайтинг,
  сўзлардан сўзларга учиб, қўнгувчи
  маъюс нигоҳингдай, севгилим.
  
  
  10/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Қор
  
  
  Йўловчи изларин ёпиб борар қор,
  Изғирин боғларда сибизға чалар.
  Чироқлар олисдан боқар интизор,
  Қорли тундрага ўхшайди дала.
  
  Осмон ухлар эди дарахт учида,
  Ёстиғини йиртиб, отдими, нетди?
  Чирпираб тўзғиган парқу ичида,
  Дов -дарахт, далалар кўринмай кетди.
  
  
  28 октябр, 2014 йил. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  
  Ғоя
  (Онам Муҳтарамхон Мирзажалол қизи ҳотирасига)
  
  
  Онажон, бу кечиккан гулларни энди ,
  қаерга қўяман, ўзинг айт, ахир,
  қабринг океанлар ортида бўлса...
  Шундай дея ўйлаб, кутилмаганда
  ажойиб бир ғоя миямга келди.
  Сўнг, сенга аталган ўша гулларни
  охиста, авайлаб оқизоқ қилдим
  осмонлар акс этган азим дарёга.
  Сенга етиб борар дея ўйладим
  кечиккан ва сенга аталган гуллар.
  Ахир, сен, мана неча йилларки
  ўша дарё сувида акс этган мангу,
  бепоён осмонда яшайсан ёлғиз.
  
  
  05/07/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  Энди қайтиб вафот этмагин
  
  
  Қийнар сени ҳижрон деган дард,
  Ёлғизмассан, бола чақанг бор.
  Йиғламагин, кўз ёшингни арт,
  Ва йўлимга боқма интизор.
  
  Ўртамизда уммон, қир -қия,
  Тоғу тошлар, тебранмас, тепсанг.
  Билсам, "Мени ўлибди дея,
  Унга айтиб қўйинглар" дебсан.
  
  Ўлмаганинг, тириклигинг рост,
  Бу дунёдан эрта кетмагин.
  Кейин, сендан битта илтимос,
  Энди қайтиб вафот этмагин...
  
  
  03/07/2022.Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Пион
  
  
  Кўча фонуси ўз плафонининг ерда синиб ётган парчаларига паришон термулганича маҳзун хаёлларга ғарқ. Худди оппоқ гулпаллалари тўкилган пион гулидай.
  
  
  24/01/2020. Канада.
  
  
  
  
  
  
  Апрель
  
  
  Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
  Уфқларнинг гулхани сўнар.
  Эриган қор сувин сипқориб,
  Шом қушлари боғларга қўнар.
  Ҳилол кўкда порлар паришон,
  Кўрасан кўз илғамас жойни.
  Мен севаман, севаман, ишон,
  Апрель деган ёлғончи ойни.
  Биллур қандил сингари томдан,
  Сумалаклар тушар узилиб.
  Чакиллаган илиқ оқшомда,
  Эл уйқуси кетар бузилиб.
  
  
  1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри.
  
  
  
  
  
  
  Чўлқувар
  
  
  Ёшлигимда чўлқувар эдим,
  Қувар эдим чўлларни ёмон.
  Чўллар мендан қўрқиб қочарди,
  Кулгим қистар, эсласам ҳамон.
  
  Қувмай десам уйқу бермасди,
  Қуварликнинг муқаддас бурчи,
  Бўронда ҳам қувлайверардим,
  Кўзда қумнинг қалампир-мурчи.
  
  Билсам, бекор қувган эканман.
  Дарёларда қуриди сувлар.
  Қасос дунё экан бу дунё,
  Бугун энди чўл мени қувлар.
  
  
  1988 йил. Тошкент.
  
  
  
  
  
  
  Капалак бўрони
  
  
  Эсингдами, бир кун, сайр қилиб юриб,
  минг - минглаб оппоқ капалакларнинг
  қуршовида қолиб кетгандик иков?
  Бир бирини қувлаб, учарди улар,
  гулларга қўнишни сира истамай.
  Фақат қўнар эди чарчаса,
  сенинг сочинга ва қайрилма киприкларинга.
  Айрилгимиз ва уйга кетгимиз келмай
  узоқ вақт сайр қилгандик бирга
  оппоқ капалаклар бўрони аро.
  Дов дарахт, кўчалар, одамлар,
  уйлар кўринмай кетганди капалаклардан.
  
  
  24/06/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Кузги терак
  
  
  Дайдиб юрган эдим, боғларда бадар,
  Куз сочиб юборди чумчуқларини.
  Улар учиб кетди шошиб, қайгадир,
  Шамолларда қайраб тумшуқларини.
  
  Куз хазон рақсига чорлайди кимни?
  Гувилласа ярим ялонғоч терак.
  Терак шохидаги қорайган инни,
  Қушлар эслаб, гоҳо соғинса керак?
  
  
  26 октябр, 2014 йил. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  
  Дўст
  (Ўзбекнинг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз ҳотирасига)
  
  
  Шеърларингда баҳор, булут босқини,
  Шаррос қуяр гоҳо шиддатли жала.
  Дарё издан чиқар, баҳор тошқини,
  Кўринмай кетади ёмғирда дала.
  
  Мойчечак лабидан авайлаб ўпар.
  Ёзги ўтлоқларда дайди капалак.
  Чуғурчуқ бўрони гувиллаб ўтар,
  Хайқирар қушларга боғбон капада.
  
  Куз келар, эгнида хазон ямоғи,
  Гала гала учар жанубга қушлар.
  Кўчманчи қушларнинг йўқдай саноғи
  Эл қарар осмонга, ёқасин ушлаб.
  
  Англолмас кўргани тушми ё ўнги,
  Кимсасиз, туманли далалар рохи.
  Сўю самоларга кетади сингиб,
  Турналарнинг ғамгин фарёди оҳи.
  
  
  2003 йил , 27 ноябр .
  Тунги соат 9:30. Андижон.
  
  
  
  
  
  Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари
  
  
  Туманларда тентираб, дайдиб,
  Далаларда гулхан ёқарман.
  Балки бир кун Ватанга қайтиб,
  Дорвозангни топиб, қоқарман.
  
  Қалбларга йўл топар рўзи шаб,
  Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари.
  Лаблар ёмғир каби чўлпиллаб,
  Бир -бирини топар ўзлари.
  
  Ёмғир йиғлар одамдай аста,
  Кўз ёшларин ҳеч кимса артмас...
  Бошқа топқир аъзолар ҳақда,
  Назаримда, ёзиш ҳам шартмас.
  
  
  25/06/2016. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Омонат япроқлар
  
  
  Дарахт қир учида омонат зоғлар,
  Сукунатга тўлар осмон қозони.
  Секинроқ юраман мен бундай чоғлар,
  Тўкилмасин дея боғлар хазони.
  
  15 октябр, 2014 йил. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  Биринчи қор
  (Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековга)
  
  
  Оппоқ қор қоплаган далалар рохин,
  Анграйганча тилдан қолибди боғлар.
  Қор юки эгибди дарахтлар шохин,
  Қахрли қағиллар туманда зоғлар.
  
  Бақирмай секинроқ қағилласа ҳам,
  Эшитаман ахир, эмасман гаранг.
  Қоркўчки қўзғолар йўталса одам,
  Қор турар дарахтлар шохида аранг.
  
  Қор босган далалар бесадо, бесас,
  Ҳеч ким ҳалал бермас хаёллар сурсанг.
  Йўловчи жилмайиб қўяр, ранжимас,
  Қулочкашлаб туриб, қор билан урсанг.
  
  
  9/01/ 2013. Канада. Торонто шаҳри.Канада.
  
  
  
  
  
  
  Ҳотира
  
  
  Эсингда бўлса, бундан роппа роса
  бир неча мангулик муқаддам
  учрашиб, танишган эдик сен билан.
  Ғам қайғу, ташвиш, дабдаба, бойлик
  бутунлай бегона эди биз учун.
  Қалин ўт ўланли ўтлоқда иков,
  ўйнаб юрар эдик, ишга ҳам бормай.
  Анвойи гуллардан гулчамбар ясаб,
  бошинга кийдириб қўярдим тождай.
  У пайтлар менинг исмим - Одам,
  сенинг исминг Ҳавво эди, севгилим...
  
  
  06/08/2022. Канада, Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Товуш
  
  
  Ёмғир ярақлатар йўлларни ювиб,
  Мудрайди боғларнинг қарғаю зоғи.
  Шамол қанотлари шалоббо ивиб,
  Учолмай қайдадир ётибди чоғи.
  Фонус шуъласидан нурафшон йўлак,
  Сукунат одамдай ўйларга ботар.
  Кўлмаклар дийдаси кўз ёшга тўла,
  Хиёбон руҳимдай хувиллаб ётар.
  Ёмғирда ювилган хиёбонда жим,
  Дов дарахт йўлакка термулган они,
  Эшитдим жимликда, аниқ эшитдим,
  Чирт этиб япроқнинг узилди жони.
  
  
  28/10/ 2014. Канада. Бремптон шаҳри.
  
  
  
  
  
  Cадоқатли чирилдоқ
  
  
  Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
  Хонанг деразасин боғларга очиб.
  Менчи киприк қоқмай туравераман.
  Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.
  
  Эсингдами, сени фироқ ўтида,
  Куйдириб, бир замон кетгандим ўлиб?
  Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
  Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.
  
  Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
  Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
  Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
  Ховлингда чириллаб юрсам майлими?
  
  
  1999 йил , август .Тошкент.
  
  
  
  
  Шукрона
  
  
  Оллохим, анави ён қўшним борку,
  ўшандан дегин,
  белкурак олувдим ер ағдаргани.
  Ўша қўшним бир соат ўтгандан кейин,
  берган белкурагин сўраб чиқибди.
  Сен бўлсанг,
  туғилганимдан бери ишлатиб юрган
  белкуракдан афзал қўлларимни
  мана, ўттиз йилдирки,
  қайтариб бер дея қистаб келмайсан.
  Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан,
  Горгаздан, Электросетдан,
  Солиқ идорасидан
  хўмрайган бадқовоқ одамлар келди,
  семиз - семиз попка кўтариб.
  Тўлов миқдорини эшитгач,
  Ҳушдан кетай дедим, кўкариб.
  Оллохим,
  яхшиямки фаришталаринг,
  семиз - семиз попка қўлтиқлаб,
  қуёш, ёмғир , шамол хақини
  суриштириб келмас уйимга.
  Яхшиямки нафас йўлимга
  ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан.
  
  
  1992 йил, Маслахат қишлоғи.
  
  
  
  
  
  Устоз Фарид Усмонга
  
  
  Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,
  Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.
  Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,
  Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.
  Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,
  Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.
  Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,
  Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.
  Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,
  Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.
  
  
  16/06/2016. Канада. Онтарио.
  
  
  
  
  
  
  Ватан хаёли
  
  
  Ботар пахтазорлар ортига қуёш,
  Ловуллайди алвон уфқлар этаги.
  Туман чўка бошлар далага ювош,
  Кўкда юлдузларнинг олмос чечаги.
  
  Йўлда бўйнин чўзиб марайди бузоқ,
  Пода хайдаб ўтади кўчадан кимдир.
  Қуриллар соҳилда бақалар узоқ,
  Ойдин сукунатда, дала - дашт жимдир.
  
  Гоҳо дайди итлар қўяди хуриб,
  Ой ўйчан термулар чавра, четанга.
  Гоҳо ғам - ташвишни бир четга суриб,
  Қайтгинг келаверар она Ватанга.
  
  
  14/06/2016. Канада.Онтарио.
  
  
  
  
  
  Куз илҳомлари
  
  
  Воҳ, кузги дарахт шаклида ҳайронани кўрдим,
  Ёлғиз ва ғариб, бир дили вайронани кўрдим.
  
  Жим жит кўчада ўйнади раққоса шамоллар,
  Чарх урди ҳазон гирвати, парвонани кўрдим.
  
  Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар,
  Парвозию фарёдида девонани кўрдим.
  
  Қушлар уясин тутди дарахт шохида, ё Раб,
  Инларга боқиб, ғам тўла паймонани кўрдим.
  
  Заъфар капалаклар каби учганда хазонлар,
  Баргларга кўмилган кўча, остонани кўрдим.
  
  Йўлларга хазонлар тўшади кузги Торонто,
  Боққанча чинор баргига Фарғонани кўрдим.
  
  Ишқ бодасидан масту аласт шому саҳар дил,
  Узлат уйида хилвати майхонани кўрдим.
  
  Дўст топмади Вулқон бу жаҳон мулкида излаб,
  Ҳар ерда ғаним, вахшати бегонани кўрдим.
  
  
  26 октябр, 2010 йил. Канада. Торонто шаҳри.
  
  
  
  
  
  Қишлоқ соғинчи
  
  
  Куз хазонрез боғларни қучган,
  Етим каби ёлғиз ўйнар ел.
  Қўл силкитар жанубга учган,
  Турналарнинг карвонига эл.
  
  Соҳиллардан қайтади пода,
  Сукунатга чўмади қишлоқ.
  Жаврар узоқ, сафсата сотар,
  Шомги боғлар қўйнида қушлар.
  
  Қуёш уфққа кетганда ботиб,
  Порласа ой, қайғудан ҳоли.
  Курак билан шамолга отиб,
  Ойдинда эл шопирар шоли.
  
  Қурилламас энди бақалар,
  Тулки юрар тимирскаланиб.
  Чопар ёлғиз дарё ёқалаб,
  Искабтопарларга таланиб.
  
  Куйганёрдан чинқириб ўтар,
  Темир йўлнинг пўлат самани.
  Соҳилларда чарақлаб ётар,
  Чироқларнинг биллур чамани.
  
  
  26 октябр, 2014 йил.Канада.
  
  
  
  
  
  ВАТАН
  (Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевга бағишланади)
  
  
  Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
  Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.
  
  Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
  Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.
  
  Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
  То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.
  
  Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
  Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.
  
  Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
  Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.
  
  Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
  Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
  
  
  2004 йил, Маслахат қишлоғи.
  
  
  
  
  
  Кузатиш
  
  
  Жилмайганча кўз ёшларингни,
  Яширасан, алдаб нетасан?
  Мен перронда қоламан ёлғиз,
  Сен поездда йиғлаб кетасан.
  
  Жиққа ёшга тўлган кўз билан,
  Йўл оласан узоқ элларга.
  Югираман поезд ортидан,
  Сўзлар учар совуқ елларга.
  
  Чирпирайди пойимда хазон,
  Куз борлиқни туманга белар.
  Хувиллаган перронда туриб,
  Поезд каби чинқиргим келар.
  
  
  1992 йил, декабр, Тошкент.
  
  
  
  
  
  
  *********************************
  
  
  
  
  Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари.
  
  
  (Хайку ва танкалар)
  
  
  
  
  
  Хайку ва танкалар ҳақида
  
  
  Хайку ва танкаларда кўп қиррали нимкоса маъно, киноя, фисқу фасод, фалсафий мазмун мушохадалар йўқ.Бу ихчам поэтик жанр гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини, ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлаш, осуда тонглар каби тоза туйғулар бахш этиш санъатидир.Хайку ва танкаларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ва танкаларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиламан. Холдор Вулқон.
  
  
  1983 - 2013 йиллар. Ўзбекистон, Канада.
  
  
  
  
  
  
  Хайкулар: Матсуо Басё
  
  
  
  
  ***
  Қорли тонг.
  Яна қуритилган балиқни
  ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.
  
  
  
  ***
  Денгиз сувида сузиб юрар
  майда ялтироқ балиқчалар.
  Тутаман десанг, йўқ бўлиб қолишар.
  
  
  
  ***
  Шу қоядан туриб,
  кўм - кўк денгизга
  қалпоғимни улоқтираман!
  
  
  
  ***
  Қишки дала.
  Узоқларда юрар дехқонлар
  қолган - қутган чўпларни йиғиб.
  
  
  ***
  Сочим ўсибди.
  Озиб кетдим, рангим олинган
  буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.
  
  
  
  ***
  Банан япроқлари сўлғин.
  Ойнинг порлаб чиқишини
  сарғайиб кузатар дехқонлар.
  
  
  
  ***
  Йўллар тойғоқ музлама.
  Аттанг, тойиб йиқилди
  ширакайф дўстим.
  
  
  
  ***
  Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота.
  Сўнаётган гулхан чўғлари
  ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.
  
  
  
  ***
  Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
  ивитиб йиртибди
  баҳор ёмғири.
  
  
  
  ***
  Музлаган олабуға балиқлари
  иржайтириб ётар тишларин
  совуқ дўкон пештахтасида.
  
  
  
  ***
  Қайдасан, эй менинг таянчим?
  Хасса қилиб олган чўпагимни
  синдирди кузги шамол.
  
  
  
  ***
  Уфқларга ботмоқда қуёш.
  Кузги дарё сувларида
  ялтиллайди майда балиқлар.
  
  
  
  ***
  Чопоним юпқа.
  Кун бўйи ўтириб, ундаги битларни
  териб ўлдирдим.
  
  
  
  ***
  Жуда қалин қор ёғибди.
  Энди Хакбинз тоғидан
  қандай ошиб ўтар одамлар?
  
  
  
  ***
  Ёсинодаги гуллаган гилосларни
  кўрсатайми сенга,
  менинг қалпоғим?
  
  
  
  ***
  Охир қувиб етдим ниҳоят,
  ўтган баҳорни
  олис "Вака" бандаргохида.
  
  
  
  ***
  Вой баёв!.. Вой баёв!..
  Яна нима дейиш мумкин сиз ҳақингизда
  Ёсинодаги гуллаган гилослар!
  
  
  
  ***
  Устунларига ҳас - хашак илинган
  кўприк ҳайрлашаётир
  тўлин ой билан.
  
  
  
  ***
  Қайдан келди бу ялқовлик?
  Бугун аранг уйғотишди мени,
  шовуллайди баҳор ёмғири.
  
  
  
  ***
  Қувончла боқамиз ёнарқуртларга,
  қайиқчидан умид йўқ, у маст.
  Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.
  
  
  
  ***
  Ойдин қиш кечаси,
  қор босган йўллар.
  Итга отай десам топилмайди тош.
  
  
  
  
  
  Ковахигаси Хекигадо
  
  
  
  
  ***
  Сузаётир қора кемадай,
  секин аста булутлар аро
  тоғнинг чўққиси.
  
  
  
  ***
  Шиллиққуртнинг сира
  чиғаноғидан чиққиси келмас.
  Кузги шамоллар...
  
  
  
  
  Масаока Сики
  
  
  
  ***
  Гуллаган Ямабука сояси.
  Сув солинган қовоқда
  билтанглайди кумушранг балиқ.
  
  
  
  
  
  Найто Мейсетсу
  
  
  
  
  ***
  Менга совға беришди.
  Олтин балиқчани олиб кетяпман
  сувли қовоқда.
  
  
  
  ***
  Гўё капалакларни олдига солиб,
  хайдаб келаётганга ўхшар
  сўқмоқдаги йўловчи.
  
  
  
  
  Танеда Сантока
  
  
  
  ***
  Яхшилаб чайнаш керак,
  хафсала билан.
  Гуруч бу гуручда...
  
  
  
  ***
  Бўкиб саке ичиб, маст бўлиб,
  чирилдоқлар билан бирга
  ухлаб қолибман.
  
  
  
  ***
  Ёзги сел шовқини.
  Йиллар ўтиши билан мен каби
  сел ҳам қарибди.
  
  
  
  ***
  Аёзли қиш кечаси,
  совуқ изғирин.
  Мен қаерда тунайман энди?..
  
  
  
  ***
  Далада изғирин.
  Тошларни тераман
  кузги шамолда...
  
  
  
  ***
  Қандай ивиб кетдима
  боягина ҳув анави,
  булутлардан ёққан ёмғирда!..
  
  
  
  ***
  Узиликсиз кавшанаман.
  Менинг овқатим -
  гуруч кепаги.
  
  
  
  ***
  Ҳой, ноинсоф чигиртка,
  халтадаги гуруч ўзи оз,
  эртагача етсин...
  
  
  
  ***
  Емоққа овқат йўқ.
  Кузатаман қуёшни ғамгин
  баланд, олис тоғлар ортига...
  
  
  
  ***
  Ёлғиз, беғам, оппоқ капалак
  Учиб айланмоқда пилдираб.
  Ҳамма ёқда тош.
  
  
  
  ***
  Кулбам айвонида ёлғиз ўлтириб,
  роҳатдан кўзларим юмиб, кавшаниб,
  "Уембоси" қиёмин ейман . . .
  
  
  
  ***
  Ёлғиз ва сокин
  жим - жит ўнгирларнинг
  шаффоф тонглари . . .
  
  
  
  ***
  Июль жаласи.
  Ўприлиб кетдими дейманда,
  осмон тўғони . . .
  
  
  
  ***
  Йўлда касал бўлиб қолдим.
  Мана энди тунги зулматда,
  тинглаяпман сел шовқинини . . .
  
  
  
  ***
  Қоронғи тушди.
  Энди ойдин тоғлардан
  ахтараман тунамоққа жой.
  
  
  
  ***
  Нахот шу кул қолган бўлса
  ёқиб юборилган кундалигимдан ?. . .
  
  
  
  ***
  Денгизларга тикилганимча
  соҳилдаги ўтлоқда
  бўшанаман , хожат қиламан.
  
  
  
  ***
  Кузги шамолларда
  От суғораман . . .
  
  
  
  ***
  Чўчқа менга тикилди.
  Қизиқишдан очилган оғзига
  кирмоқда кузги шамол.
  
  
  
  ***
  Бунча ҳам мазали
  бўлмаса гуруч .
  Кавшанаман бир ўзим ўйчан.
  
  
  
  ***
  Офтоб қиздирмоқда
  устарада таглаб қирилган
  тақир бошимни...
  
  
  
  
  
  Найто Мейсетсу
  
  
  
  
  ***
  Шаффоф сувда
  қилт этмайди мудроқ балиқлар.
  Кузги шамол . . .
  
  
  
  
  
  
  Такахама Кёси
  
  
  
  
  
  ***
  
  Лойқалатиб ариқ сувини,
  дехқон шолғом ювар
  ҳафсала билан . . .
  
  
  
  ***
  
  Бошим узра учиб ўтди қуш,
  тумшуғида нимадир чўқиб.
  мева шекилли...
  
  
  
  
  ***
  
  Мен тун бўйи хайку ёзаман.
  Камсуқумгина хотиним эса,
  кийимимни ямаб - ясқайди . . .
  
  
  
  ***
  
  Буғда пиширилган шолғомни
  сузмага қўшиб еб,
  ўлтирдим ғамгин . . .
  
  .
  
  
  
  Исикава Такубоку
  
  
  
  Касалхона деразасига
  яқин олиб келишди мени.
  Одамларни кўриб, қувондим.
  
  
  ***
  Охири улоқтирдим
  куя еган телпагимни мен.
  Олти йил кийдим уни.
  
  
  
  
  Токи Дземмаро
  
  
  
  
  ***
  Қайта - қайта ўқийман кўзларимда ёш,
  юракка яқин Тургеневнинг бу китобини.
  Муқоваси сарғайиб кетган...
  
  
  
  
  Масаока Сики
  
  
  
  ***
  Чирилдоқлар чириллар,
  аммо минг афсус
  қулоқлари кардир отамнинг...
  
  
  
  
  
  Сайгё
  
  
  
  ***
  Баҳор туманлари.
  Қаёққа, қайси тарафга
  учиб кетди экан қирғовуллар?
  Улар тухум қўйган ўтлоққа
  болалар ўт қўйибди...
  
  
  
  
  
  Ёсии Исаму
  
  
  
  ***
  
  Наҳот ҳеч ким келмас ўлганимдан сўнг
  сўппайиб ётган ёлғиз қабримни
  зиёрат қилмоққа, кўз ёши тўкиб?
  Ўлганингдан кейин унутилишингни
  Ўйламоқ қайғули . . .
  
  
  
  ***
  Эшитдим , Бокусий тарк этибди
  охири бу телба дунёни.
  О, куз бунчалар маюс ва ғариб,
  ҳаттоки юрт ба юрт дайдиб юрсамда,
  ҳатто еб - ичсамда, ҳузурлансамда !
  
  . .
  
  ***
  Февраль ойи охирлаб борар,
  олис момақалдироқ товуши -
  баҳорнинг илк акс - садоси.
  Краб чиғаноғида Саке қайнатяпман
  денгиз соҳилида бир ўзим, ёлғиз.
  
  
  
  ***
  Қаерда , қандай ва қачон ,
  тарк этаркинман бу дунёни мен.
  Мен ҳаётим ҳақида ўйлайман,
  ўйлайман ўлимим ҳақида узоқ
  ойдин Ино текислигида.
  
  
  
  ***
  Изтиробли ўйлар оғушида жим
  ўчоққа ўт қалайман, пуфлайман тутун
  ва тун бўйи бедор ўлтириб,
  ҳасратли бехудуд ўйга чўмаман,
  қизарган кўмирларни ковлаб, ағдариб . . .
  
  
  
  ***
  Сенинг фикринга қўшилмаган
  одамларни савалаш шартми?
  Яхшиси қўлинга толхивич олиб,
  ўз - ўзингни аёвсиз савалаб,
  моматалоқ қилган яхшироқ . . .
  
  
  
  
  ***
  Ҳасратли қайғулар!
  Бугун яна ўчоқдаги кўмир чўғида
  саке иситяпман бир ўзим ёлғиз.
  Кундан кун тобора қишга
  сингиб бораётир Нирао дараси . . .
  
  
  
  
  
  Ито Сатио
  
  
  
  ***
  Мен ёмғирли тунда
  пион гулларини соғиниб кетдим .
  Сўнг тошфонарни ёқиб, оҳиста
  ташқарига чиқдим, пион гулларини
  кўриб келмоқлик учун.
  
  
  
  
  Симаки Акахико
  
  
  
  ***
  Чироқ шуъласига талпинганича
  парвоналар айланар учиб.
  Уйда, мен билан ёнма - ён,
  болаларим ухлар
  эски - тускиларга ўраниб, қотиб . . .
  
  
  
  
  
  Нагатсука Такаси
  
  
  
  ***
  Бугун тунда жарангдор
  овоз билан куйлар чирилдоқ.
  Қаердадир шу яқин атрофда -
  балки , мисол учун , ошхонада , ёки
  сабзовот солинган тўрвада куйлар. . .
  
  
  
  
  Сяку Тёку
  
  
  
  ***
  
  Булутлардан сизиб ўтаётган
  ойнинг хира ёғдусида тошаётган
  дарё кечувидаги шолипоялар аро
  бўқоқлаган шолилар хиди . . .
  
  
  
  
  
  Хайкулар
  
  
  
  * * *
  Сел тошқини.
  Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда
  қалъа атрофидаги зовурлар!
  
  
  
  
  
  Масаока СИКИ
  
  
  
  * * *
  Мен бу ерни ағдаргунимча
  кетиб қопти дала осмонида
  сузиб юрган бир парча булут . . .
  
  
  
  
  Ёса БУСОН
  
  
  
  * * *
  Зоғча тутиб олдим.
  Унинг кўзларига қараб билдимки,
  куз келаётир.
  
  
  
  
  * * *
  Дехқон кенг далада
  менга йўл кўрсатди
  юлинган шолғом билан . . .
  
  
  Кобаяси ИССА .
  
  
  
  
  
 Ваша оценка:

Связаться с программистом сайта.

Новые книги авторов СИ, вышедшие из печати:
О.Болдырева "Крадуш. Чужие души" М.Николаев "Вторжение на Землю"

Как попасть в этoт список
Сайт - "Художники" .. || .. Доска об'явлений "Книги"